Испания Ла Лигасининг 7-турида чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган икки клуб — «Реал» ҳамда «Барселона» очко йўқотди. Мадридликлар ўз майдонида «Эйбар»ни енга олмаган бўлса, «Барселона» Вигода имкониятни бой бериб қўйди.
Кетма-кет тўрт учрашувдан буён рақибларини мағлуб эта олмаётган «Реал» клуби устози Зинедин Зидан вазиятни қуйидагича изоҳлади: «Дортмунддаги дурангни бу рўйхатга қўшишларини истамасдим. ‘Реал’ инқироз ҳолатида эмас. Бизда октябрь, шунчаки якдил қарорга келишимиз керак. Кўпроқ ишлашга, учрашувлар стартиданоқ ҳужумкорлик намойиш қилишга мажбурмиз. Вазиятни ўнглаш учун мен кўраётган ягона йўл шу», — деб Зиданнинг сўзларидан иқтибос келтирган «Чемпионат».
Каталониянинг «Барселона» клуби бош мураббийи Луис Энрике эса «Сельта»дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин барча айбни ўз бўйнига олди: «Ўйиннинг икки тайми икки хил кечди. Биринчисида барча яккакурашларда енгилиб, ўзимиз учун эркин зонага ярата олмадик. Иккинчи бўлимда ҳаммасини бошидан бошлаб, ўз ўйинимизни кўрсатдик. Лекин биринчи бўлимдан кейин ҳисоб 0:3 бўлиб, ҳаммаси тугаб бўлганди».
«Мағлубиятга мен айбдорман. ‘Сельта’ жуда яхши ўйнади. Биз эса бунга тайёр эмасдик», — деб айтиб ўтди Луис Энрике.
Изоҳ (0)