Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув ҳаракатлари сабаб мамлакатдаги таълим муассасаларининг 27 мингдан ортиқ ўқитувчилари ва ходимлари иш рухсатномаларидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда, «ТАСС» хабарига кўра, Туркия миллий таълим вазири Исмет Йилмаз маълум қилган.
«Таълим соҳасидаги 27 минг 424 нафар ходимнинг ишлаш учун рухсатномалари чақириб олинган. Бироқ бундан ўқувчиларнинг ҳеч бири жабр кўрмайди, уларнинг бари давлат мактабларига жойлаштирилади», — деди вазир.
Қайд этишларича, Туркиядаги тўнтаришга уринишдан сўнг ёпилган мактабларда 138 минг ўқувчи таълим олар эди. Йилмазнинг маълум қилишича, вазирлик айни вақтда қўшимча ўқитувчиларни ишга олиш, шунингдек, Туркияга қочоқ сифатида келган сурияликлар орасидан 514 нафар ўқитувчини иш билан таъминлаш масаласида кўриб чиқади.
Туркияда 16 июлга ўтар кечаси бир гуруҳ ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш юз берган эди. Мамлакатнинг амалдаги ҳокимияти исённи бостирди. Сўнгги маълумотларга кўра, тўнтаришга уриниш билан боғлиқ воқеалар давомида 246 киши ҳалок бўлган (исёнчилардан ташқари), 2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган.
Шундан сўнг Туркия ҳукумати давлат аппарати ва бошқа тузилмаларни расмий Анқара томонидан исённинг асосий муаллифи дея эътироф этилган Фатҳуллоҳ Гуленни қўллаб-қувватлаган шахслардан тозалаш ишларини бошлади. Хусусан, Гулен билан алоқадор деб гумон қилинган бир неча минг тижорий таълим муассасалари ёпилди.Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)