Англиялик рефери Марк Клаттенбург 10 июль куни бўлиб ўтадиган Франция ҳамда Португалия терма жамоалари ўртасидаги Евро—2016 финал учрашувини бошқариб боради.
41 ёшли рефери 2015/16 йилги мавсумни якунлаб берувчи Европа Чемпионлар Лигасининг финал учрашувини ҳам бошқариб борганди. Антуан Гризманн пенальтидан гол ура олмаган, Криштиану Роналду ва Пепе ҳаракат қиладиган «Реал» ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида зафар қучган беллашувда ишлаган Клаттенбург, худди шу футболчилар тўп сурадиган термалар ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувга ҳам қозилик қилади.
Асли касби электрик бўлган Марк Клаттенбург 2012 йилги ёзги олимпиада ўйинларининг футбол турнири финалида ҳам ишлаган. 2014 йилги УЕФА Суперкубоги ҳам инглиз ҳакамига ишониб топширилганди.
Битта мавсумнинг ўзида ҳам Чемпионлар Лигаси, ҳам Европа Чемпионатида ишлаш Клаттенбургга қадар фақатгина бир инсонга — португалиялик Педру Проэнсага насиб қилган бўлиб, у 2012 йил иккита йирик финалда арбитрлик қилган.
Сўнгги 52 йилдан буён Европа Чемпионатининг ҳал қилувчи ўйинида англиялик ҳакам ишламаганди. Орадан ярим аср ўтиб Марк Клаттенбург Сен-Дени шаҳрида бўлиб ўтадиган 4 йилликнинг Европадаги энг йирик учрашувида ҳакамлик қилади.
Марк Клаттенбург Евро—2016 доирасидаги учта ўйинни бошқариб борди: Бельгия — Италия, Чехия — Хорватия ҳамда Швейцария — Польша.
Евро—2016. FINAЛ 10 июль, якшанба
Изоҳ (0)