Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги капалаклар боғида 10 июнь куни Францияда старт оладиган футбол бўйича Европа чемпионати натижаларини Принс ёки Леди Гага номли қурбақалар башорат қилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Биз машҳур башоратчи саккизоёқ Паулга муқобил вариант топишга қарор қилдик ва қурбақаларни танладик. Улар ҳам ўйин натижаларини тахмин қила олади. Екатеринбург аҳолисига иккита қурбақа – Принс ёки Леди Гагани танлашни таклиф қилдик», – деди капалак боғи вакилларидан бири.Қурқабани танлаш сўровномаси 11 июнь куни, Россия терма жамоаси Евро–2016 турнирида илк ўйинини ўтказадиган кун якунига етади. Боғ ходимлари сўровнома дуранг билан якунланиб, ҳар икки қурбақа Евро–2016 ўйинлари башоратларини амалга ошириши мумкинлигини инкор этмаяпти.
«Учрашув натижаларини аниқлаш услуби ўрганиб чиқилмоқда. Терма жамоаларнинг пешлавҳаси ўрнатилиши эҳтимолдан холи эмас. Қурбақа қайси пешлавҳа томон сакраса, ўша жамоа ғолиб бўлади», – дея қўшимча қилди боғ вакилларидан бири.
Қайд этилишича, қурбақа башоратни тўғри топса, байрамона кечки овқат берилади.
Изоҳ (0)