Нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали яширин равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудудда ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тошкент вилояти «С. Нажимов» божхона пости орқали кириб келган фарғоналик Х. Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги юк автотранспорти мобил сканер қурилмаси ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганда автоуловга ясама бак ўрнатилгани фош бўлди. Ҳайдовчи божхона декларациясида кўрсатмасдан, оғзаки сўров вақтида маълум қилмасдан, яширин равишда қўлбола бакда 1080 литр дизель ёқилғисини ноқонуний равишда республикага олиб киришга урингани аниқланди.
Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Кармана туманида ҳаракатланаётган Isuzu юк автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 3150 литр бензин ёқилғиси ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги маълум бўлди. Аниқланишича, қиймати 7,2 миллион сўмдан ортиқ нефть маҳсулоти қоракўллик С. Жўраевга тегишли экан.
Қорақалпоғистон Республикаси божхоначилари эса нефть маҳсулотларининг яширин «омбор»ини фош қилди. Хўжайли туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлаб фуқаро Х. Шамуратов 40 литр дизелни пуллаётган вақтда қилмиши фош этилиб, унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда 18,5 миллион сўмлик 5300 литр дизель ёқилғиси ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида ҳазорасплик Р. Олимов бошқарувидаги DAF русумли юк автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, ҳайдовчи юкхонадаги 144 дона темир ва елим идишларга жойлаштирилган 31 350 литрдан ортиқ бензин ёқилғисини ноқонуний равишда олиб кетаётганида божхона ходимларига тегишли биронта ҳужжатни тақдим қила олмади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)