Осиё футбол конфедерацияси Осиё қитъаси жамоаларининг ЖЧ–2018 ҳамда ОК–2019 мусобақаларига саралашнинг сўнгги, учинчи босқичи учун қуръа ташлаш санасини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
2016 йил, 7 апрель куни ОК–2019 сўнгги саралаш босқичига қуръа ташланади. Мазкур қуръада ЖЧ–2018 ҳамда ОК–2019 иккинчи саралаш босқичидан ўта олмаган 11 та терма жамоа Осиё Кубоги финал босқичига йўлланма берувчи сўнгги саралаш босқичидаги рақиблари номини билиб олади.
Осиё қитъаси иккинчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 12 та терма жамоа эса, шу йилнинг 12 апрель куни Куала-Лумпур шаҳридаги Mandarin Oriental меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган қуръадан сўнг, ЖЧ–2018 финал босқичига йўлланма берувчи сўнгги саралаш босқичидаги рақиблари номини билиб олади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур саралаш босқичида 12 та терма жамоа 6 тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда ЖЧ–2018 финал босқичи йўлланмаси учун курашни давом эттиради.
Осиё футбол конфедерацияси, шунингдек, Баҳрайнда бўлиб ўтадиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати финал босқичи учун қуръа ташлаш муддатини эълон қилди. Унга кўра, мазкур турнирга қуръа ташлаш маросими 2016 йил, 30 апрель куни Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ (0)