Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари Ҳиндистон истеъмолчилар ассоциацияси таклифига биноан мамлакатнинг Тамил-Наду штатидаги Ченнай шаҳрида бўлди, дея хабар бермоқда «ЎзА».
Сафар доирасида икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Маросимда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов, Ҳиндистон истеъмолчилар ассоциацияси раиси Н.Десикан ва бошқалар иштирок этган.Ташриф давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, товар ва хизматларни баҳолаш каби мавзуларда интерфаол ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Унда Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, федерациянинг фаолияти тўғрисида тақдимот ролиги намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Тамил-Наду штати Фуқароларни озиқ-овқат билан таъминлаш ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш департаменти ҳамда кичик бизнес вакилларига кредит берадиган Equitas Holdings Limited ташкилотининг фаолияти билан танишди.