Тинч океанидаги Фижи давлатида содир бўлган ҳалокатли тропик циклон оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилмоқда.
Фижи пойтахти Сува шаҳрида жойлашган Қизил Хоч Халқаро қўмитасининг маълум қилишича, кенг кўламли ҳалокат туфайли, қанча одам зарар кўриб, нечта уй-жой вайрон бўлганлиги ҳозирча номаълум.
Winston деб номланган довулнинг маркази Вити-Леву оролининг шимолий ҳудудига тўғри келган. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи истиқомат қилиб келадиган бу оролда Сува шаҳри ҳамда Нади халқаро аэропорти жойлашган.
Метеорологларнинг таъкидлашича, циклон бешинчи ― энг юқори тоифага мансуб эканлиги аниқланиб, унинг марказида шамолнинг тезлиги соатига 230 километргача, шиддати эса ― 325 километргача етиб, соҳилдаги океан тўлқинларининг баландлиги 12 метргача кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фижида 5,8 магнитудали зилзила содир бўлгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)