Япониянинг Toshiba корхонаси операцияларни қайта ташкил этиш ишлари учун сўнгги уч ой ичидаги иккинчи кредит линиясини жалб қилиб, 300 миллиард иена (2,5 миллиард доллар) миқдоридаги пул маблағига эга бўлмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg берган маълумотларга асосан «Ведомости» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Toshiba раҳбарияти янги кредит линиясидан фойдаланиш имкониятига 2016 йил январь ойининг охиригача эга бўлишни режалаштирмоқда. 2015 йил сентябрь ойида корхона мамлакатдаги банклардан жами 400 миллиард иена миқдорида кредит олган эди. Шундай қилиб, янги кредит линияси билан бирга унинг жами қарздорлиги бир триллион иенадан ошиб кетиши таъкидланмоқда.
21 декабрда Toshiba ўзининг тадбиркорлик фаолиятини қайта ташкил этаётганлигини ва жорий молиявий йилда рекорд даражада зарар кўрганлигини маълум қилган эди. Toshiba’ни қайта ташкил этиш режасига кўра, корпоратив тизим соддалаштирилиб, 10 600 та ишчи ўрни қисқартирилади. Молиявий йилнинг охиригача, яъни 2016 йил 31 мартгача корхонанинг 5 фоизга яқин ходими ишдан бўшатилади ёки бошқа бўлинмаларга ўтказилади.
Изоҳ (0)