National Geographic нашри юзма-юз келиб қолган пайтда максимал даражада эҳтиёткор бўлиш керак бўлган ўнта ўзига хос жониворни санаб ўтди. Шуниси қизиқки, уларнинг баъзилари ташқи кўринишиданоқ кишида шубҳа уйғотса, қолганлари бутунлай безарар туюлади.
Бегемот дангаса ва кўнгилчан мавжудот сифатида тасвирланса-да, аслида улар ҳар йили Африкадаги бошқа жониворларнинг барчасига қараганда кўпроқ одамларни ўлдиради. Улар ўз ҳудудини асровчи, тажовузкор ҳайвонлардир.
Кўк ҳалқали саккизоёқнинг асаб-паралитик заҳари одамни саноқли дақиқалардаёқ ўлдира олади, унга қарши дори мавжуд эмас. Қурбонни фақат зудлик билан амалга оширилган юрак-ўпка реанимацияси қутқариши мумкин.
Икки рангли питоху заҳарли қўнғизларни ейиш натижасида танасида ўлдирувчи токсинларни йиғади. Бундан ташқари, улар инларидаги тухумларга заҳар суриб қўйиш йўли билан уларни йиртқичлардан ҳимоя қилади.
Дарахтда ўрмаловчи бақа оламга гўзаллиги ва заҳарлилиги билан танилган. Жанубий ва Марказий Америка туб аҳолиси уларнинг оғусидан фойдаланиб, заҳарли найзачалар ясаган.
Икки рангли пеламида — денгиз илонининг заҳри қироллик кобрасиникидан ҳам кучлироқ бўлиб, катта одамни осонгина ўлдиради.
Нинақоринлиларнинг танаси ўлдирадиган заҳарга эга, бундан ташқари, улар шишиб, нинали шарга айланади, шунда уларни ҳеч қандай йиртқич ея олмайди.
Конуслар — йиртқич қориноёқли моллюскалар нейротоксинлар ишлаб чиқаради ва улар ёрдамида ўз қурбонлари танасини эритиб юборади. Бундай заҳар одамни бир неча сонияга ҳушдан кеткизиши, баъзи ҳолларда, ўлдириши ҳам мумкин.
Leiurus quinquestriatus — «писиниб турган қотил» ер юзидаги энг хавфли чаёндир. Унинг заҳри кучли оғриқни келтириб чиқариб, нафас олишни қийинлаштиради, натижада бу ўлимга олиб келади.
Бумсланг заҳарли илони улкан қозиқтишлари, кучли заҳари ва ўткир кўзи билан таниқли.
Lonomia olbiqua Бразилияда «қотил қурт» деб аталиб, ўткир тиканларга эга. Бу тиканларда кучли заҳар бўлиб, у қоннинг ивишига йўл қўймайди, шунингдек, қорасонникига ўхшаш симптомларни келтириб чиқаради.
Изоҳ (0)