Ўзбекистон дунёда биринчилардан бўлиб табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этмоқда, деб хабар беради ЎзА.
«Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Шаҳноза Исломованинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакат маиший секторида табиий газдан фойдаланувчиларнинг 55 фоиздан ортиғида газни ҳисоблаш асбоблари ўрнатилган. Бироқ, маълумотлар тўплашни бошқариш бўйича замонавий тизимнинг йўқлиги газдан фойдаланиш ва ҳисобга олишни самарали назорат қилиш имконини бермайди. Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа айнан ушбу долзарб масалани ҳал қилишга қаратилган.
Мазкур лойиҳани жорий қилишдан кўзланган мақсад, «зангори олов»дан фойдаланишни аниқ, ишончли ва тўлиқ ҳисобга олиш, табиий газ узатишда талафотнинг олдини олиш ва камайтириш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини таъминлаш имконини берадиган янги электрон ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.
Айни пайтда мутахассислар пойтахтнинг Миробод туманида ушбу ускуналарни синовдан ўтказмоқда. Тахминларга кўра, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Тошкент шаҳри ва вилоятида 2016 йилнинг охирига қадар жорий этилади.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида Тошкент шаҳри ва вилоятида 1 миллиондан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. 2016—2017 йилларда табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида жорий этилади. 2017—2018 йилларда эса Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида, 2020 йилнинг охиригача Қарақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим амалиётга татбиқ этилади. Мамлакат бўйича жами 3,5 миллионга яқин шундай ҳисоблагич ўрнатилади.