Бугун Непалда содир бўлган 7,4 баллик зилзила оқибатида ҳалок бўлган яна 19 кишининг жасади Долакха округидан топилди, деб хабар бермоқда «Эхо Москви». Бунгача полиция 7 киши ҳалок бўлгани ва 150 киши жароҳатланганини маълум қилган.
Расмийларнинг сўзларига кўра, қурбонлар сони яна ошиши мумкин, чунки кўплаб туманлардан маълумот ҳали келиб тушмаган. Зилзила маркази Everest яқинида, Непал пойтахти Катмандудан 80 километр шарқда бўлгани айтилмоқда.
Кучли зилзиладан кейин яна бир неча марта такрорий силкиниш бўлган. Катмандуда одамлар қўрқувдан кўчага югуриб чиққан. Аэропорт ва дўконлар ёпилган. Ҳиндистон шарқидаги Бихар штатида ҳам 10 киши ҳалок бўлган, бир неча уй бузилган. Деҳлидаги бинолар бир дақиқа чайқалиб турган.
Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни Непалда 7,9 баллик зилзила ва 90 га яқин такрорий силкиниш содир бўлиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8 мингдан ошган эди.
Изоҳ (0)