Қорақалпоғистон Республикасида 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 14 қонунбузарлик ҳолатларида салкам 117 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, ҳамкорликдаги тадбирлар давомида Хўжайли туманида истиқомат қилувчи аёл хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда кейинчалик Ўзбекистондан олиб чиқиш учун кўзланган 210 килограмм рангли метал чиқиндилари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Айни шу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаронинг хонадонида эса тегишли ҳужжатларсиз 1150 килограмм рангли метал чиқиндилари борлиги аниқланди.
Нукус шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида уч нафар сохта тадбиркорнинг қинғир қилмишларига чек қўйилди. Қўлбола усулда спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин «цех» фаолиятини йўлга қўйган бу шоввозлардан 36 шиша контрафакт ароқ, 448 дона қопқоқ, шунингдек, ароқ тайёрлаш учун мўлжалланган спирт, бўш шишалар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Тадбир давомида яна бир фуқародан қўлбола тарзда тайёрланиб, сотувга чиқарилган 192 шиша қўлбола ароқ мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)