Хоразм вилоятида ўтказиладиган «Умид ниҳоллари — 2015» спорт мусобақалари иштирокчилари учун Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалига қарашли барча қулайликларга эга талабалар тураржойи қуриб битказилди. У мусобақа арафасида фойдаланишга топширилади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги.
«Мирмаксиндустрия» МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилган 160 ўринли тураржой биносининг қурилиш ишларига жами 7 миллиард 745 миллион сўм маблағ сарфланди. Ётоқхонанинг биринчи қаватида 3 ўринли 12 та хона, 2- ва 3-қаватларда 3 ўринли 20 та хона бор. Эътиборлиси, ҳар бир хонада ювиниш учун шароит яратилган. Биринчи қаватда тиббиёт ходимлари ва ногиронлар учун биттадан хона ажратилган. Шунингдек, ҳар бир қаватда дам олиш учун фое, ўқув зали, кир ювиш ва дазмоллаш хоналари ташкил этилган.
Бу ерда яшовчиларнинг мазмунли дам олиши учун сўнгги русумдаги 5 та телевизор келтирилди. Шунингдек, тураржойга 7 та музлаткич ўрнатилди.
«Қурилиш жараёнида шартнома асосида ишлашни истаб келган ҳамюртларимиз сони 120 нафарга етди, — деди бино қурилишига бош-қош бўлган, бир кам 60 ёшни қаршилаган уста қурувчи Давлатмурод Собиров. — Уларга 1,5 миллион сўмгача маош берилди. Буни қарангки, бир бино қурилиши туфайли вилоятимизга ҳам, оилаларимизга ҳам файз кирди».
Айни кунларда Урганч олимпия захиралари спорт коллежи, Урганч тиббиёт коллежи ҳамда Урганч давлат университетига қарашли талабалар тураржойларида ҳам сўнгги таъмирлаш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)