Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 19 февраль куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси I.Жўраев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришга доир муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. Жумладан, иқтисодиётни модернизациялаш, янги саноат корхоналари барпо этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенг ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қайта кўриб чиқиш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини давом эттириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳаёт даражасини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида барча соҳаларда юксак марраларга эришиб, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга замонавий индустриал мамлакатга айланди. Бутун дунёда «ўзбек модели» сифатида тан олинган тараққиёт йўли эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришнинг асосий омили бўлди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ижтимоий инфратузилма ривожланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этмоқда. Одамларнинг турмуш шароитлари, кайфияти, дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда. Ватанимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.
Учрашувда фахрий журналист Қ.Эгамбердиев, Шаҳрисабз туманидаги «Шуҳрат Бобоёров» фермер хўжалиги раҳбари Ш.Бобоёров, Қарши шаҳридаги 46-умумтаълим мактаби спорт мураббийи Ш.Аҳадов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида кенг кўламли, мисли кўрилмаган улкан ишлар амалга оширилганини қайд этди. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик талабларга тўла мос равишда ўтаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Президент сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)