Ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тадбирда Сирғали туманидаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг мингга яқин ўқувчиси иштирок этди.
«Ёнғинларнинг олдини олиш комплекс хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатларидан биридир, — деди Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби кафедра бошлиғи, полковник Мурабек Бекбаум. — Ушбу тадбир доирасида ёнғин хавфсизлиги чоралари кучайтирилиб, кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишлари амалга оширилади. Очиқ эшиклар куни ушбу мақсадга қаратилган анъанавий тадбирлардан бири. Ундан кўзланган асосий мақсад ёнғин хавфсизлигининг асосий талаблари ва ёнғин рўй берганда қандай ҳаракат қилиш тўғрисида аҳолининг хабардорлигини оширишдир».
Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ташкил этилган кўргазмада ёнғинларни ўчиришда фойдаланиладиган замонавий техника воситалари ва асбоб-ускуналари омма эътиборига ҳавола қилинди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талаблари ва ёнғинларнинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.
Тадбирда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчиларининг ёнғин хавфсизлиги меъёрларига оид билимини синашга қаратилган викторина ўтказилди. Викторина ғолибларига эсдалик совғалари ва совринлар топширилди.
Изоҳ (0)