2015 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро тикланувчи энергия агентлигига (IRENA) аъзо бўлиши билан боғлиқ ишлар ўз ниҳоясига етказилади. Бу ҳақда UzReport.uz ахборотига таяниб, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси хабар беради.
Шунингдек, яқин вақт ичида мамлакат парламентида «Тикланувчан энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши алтернатив энергия ресурслари билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, бугунги кунда дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатлари Халқаро тикланувчи энергия агентлиги аъзоси саналади. Агентлик ушбу давлатларнинг энергетик салоҳиятини ошириш, тикланувчан энергия манбалари ва технологияларни ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда.
IRENA ўз фаолиятини барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида тикланувчи энергия ресурсларининг барча турларини оммалаштиришга, хусусан, биоэнергия, гидроэнергия, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни кенгайтириш, энергетик хавфсизликни кучайтиришга қаратган. Агентлик, шунингдек, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, тажриба алмашиш учун ҳам асосий платформа саналади.
Айни пайтда, Ўзбекистон билан биргаликда жами 36 мамлакат агентлик аъзолари сафидан жой олиш учун тегишли ташкилий ишларни бошлаган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2020 йилгача Республиканинг иссиқлик-энергия баланси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, 2030 йилгача иссиқлик-энергия балансининг концепциясини шакллантириш ҳам ҳукумат олдига асосий вазифа қилиб қўйилган. Белгиланган давргача мамлакатнинг умумий энергия балансида тикланувчан энергия ресурслари, хусусан, гидроэнергетика, қуёш ва шамол генерациясининг улушини 10 фоиздан 20 фоизгача, кўмир ҳиссасини эса беш фоиздан 15 фоизгача ошириш, шу билан бирга, газ генерацияси улушини 85 дан 65 фоизга пасайтириш назарда тутилган.
Маълумотларга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда энергия ресурсларига талаб 2013 йилга нисабатан 25,5 фоизгача ошади ва нефть эквиваленти ҳамда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8—8,5 фоизга ўсиши сақланиб қолинган шароитда 43,5 миллион тоннани ташкил этади.
Изоҳ (0)