«Сувсоз» давлат унитар корхонаси бош муҳандиси М. Аббосхоновнинг сўзларига кўра, пойтахтга ҳар куни марказлаштирилган сув таъминоти тармоқлари орқали икки миллион куб метрдан зиёд сув етказиб берилади. Ушбу тармоқларнинг умумий узунлиги 3,6 минг километрдан ошади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шаҳарда фаолият кўрсатаётган 169 кўтарма насос станцияси сув таъминоти тизимининг самарали ишлашига ёрдам беради. Шу боис «Сувсоз» давлат унитар корхонаси мутахассислари уларнинг техник ҳолатини мунтазам кузатиб, ишлашини такомиллаштириб боради.Корхона замонавий энергия тежайдиган қарийб 240 насос сотиб олиш учун шартнома тузган. Ушбу насосларнинг айни пайтда 135 тасидан самарали фойдаланилмоқда. Бу, ўз навбатида, пойтахтда сув таъминотини сезиларли даражада яхшилаш имконини бермоқда.
«Сувсоз» давлат унитар корхонаси томонидан Тошкент шаҳар сув таъминоти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга қаратилган қиймати 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Учта йирик сув қуйиладиган иншоот реконструкция қилиниб, эскирган ускуналар замонавий энергия тежайдиган технологиялар билан алмаштирилди. «Қодирия» сув ўтказиш иншооти, Қибрай сув чиқариш иншооти ва Бўзсув бош сув иншоотида янги насослар ўрнатилди.
Ислом Каримовнинг 2010 йил 16 декабрда қабул қилинган Ислом тараққиёт банки иштирокида Тошкент шаҳри канализация тизимини такомиллаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, айни пайтда учта канализация тозалаш иншооти реконструкция қилиниб, эскирган ускуналар алмаштирилмоқда, Қорақамиш коллектори қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.