Россия футбол иттифоқининг ҳакамлик ва назорат департаменти раҳбари Валентин Иванов интервьюларидан бирида Равшан Эрматов ҳақида фикр билдирди. Интервью «Спорт-экспресс»да эълон қилинди.
Аввал ҳакам бўлган, ЖЧ — 2014’нинг биринчи қисмида назоратчи сифатида қатнашган Валентин Иванов Равшан Эрматовнинг нима ёки ким туфайли дунёдаги энг яхши ҳакамлардан бирига айлангани ҳақидаги саволга Эрматовнинг ишга бўлган муносабати бошқалар учун намуна бўла олишини қайд этди.
«Сенинг қаерда — Италия, Испания, Россия ёки Ўзбекистонда туғилишингни фарқи йўқ. Эрматов футболни, ҳакамликни севади. 10 йилдан зиёд вақт мобайнида ишини юқори сифат даражасига кўтаришга интилган, лекин ўзи (шахс сифатида) ўзгармаган», — дейди собиқ ҳакам Валентин Иванов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси қарори билан Равшан Эрматов «Ўзбекистон футбол федерацияси» фахрий нишони соҳибига айланди. Бундан ташқари, унинг «Эл-юрт ҳурмати» ордени ҳамда рағбатлантирувчи совға сифатида Malibu автомобили билан мукофотлангани ҳақида хабар қилган эдик.
Изоҳ (0)