АҚШ президенти Барак Обама пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин Украинанинг янги ҳукуматини тан олиши, улар билан музокараларга киришиши ва Украина чегарасида «провокация»ларни тўхтатиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
«Жаноб Путин яқин икки, уч, тўрт ҳафта ичида нималар қилишини кузатамиз, агар у ҳозирги йўналишда давом этса, биз аввалроқ тушунтириб берган хатти-ҳаракатларимизни амалга оширишга тайёр бўламиз», — дея санкцияларга ишора қилди Барак Обама G7 саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида.
У шунингдек, Россия буюртмаси билан Францияда қурилаётган Mistral вертолёт ташувчи десант кемаларининг Россияга сотилишини қоралаб чиқди.
Путин жума куни Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳамда Франция ва Германия етакчилари билан учрашмоқчи.