Daryo

Трамп: “Президент Мирзиёев — бир сўзли инсон”

АҚШ президенти Ўзбекистон раҳбарини улкан битим билан табриклади. Uzbekistan Airways 22 та 787 Dreamliner самолётини харид қилади. Унинг қиймати 8 млрд доллардан ортиққа баҳоланмоқда.

2 дақиқа ўқиш1 915 кўришлар0 изоҳ5

Ўзбекистон АҚШнинг Boeing компаниясидан 22 та 787 Dreamliner самолётини харид қилади. Унинг умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиққа баҳоланмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп хабар берди.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида битим борасида қуйидагича пост қолдирди:

“Шу ой бошида мен Ўзбекистон президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган эдим. Бугун мен президент Мирзиёевни Boeing билан УЛКАН битим имзолангани билан табриклайман! Uzbekistan Airways 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига 22 та 787 Dreamliner самолётини харид қилади. Бу Қўшма Штатларда 35 000 дан ортиқ иш ўринларини яратади. Президент Мирзиёев — бир сўзли инсон ва биз бошқа кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз! Бу масалага эътиборингиз учун ташаккур”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни (Тошкент вақти билан 23 сентябрь) Нью Йорк шаҳрида Boeing Global компанияси президенти Брендан Нелсон билан учрашув ўтказди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Boeing - дунёдаги энг йирик авиация ва космик техника ишлаб чиқарувчилардан бири.

​

Учрашувда Ўзбекистон ушбу компаниянинг кўп йиллик стратегик ҳамкори экани мамнуният билан қайд этилди. Мазкур ташриф чоғида имзоланган “Boeing” самолётларини етказиб бериш бўйича янги шартнома ва узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таʻкидланган.

Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг телефон орқали суҳбати

Маълумот ўрнида, 5 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида АҚШ президенти сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев эса Дональд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. 2024-йилда товар айирбошлаш 15 фоизга ошди.

Истиқболли кооперация лойиҳалари портфели фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурслар, электротехника саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.

Келгуси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этиши мамнуният билан қайд этилди. АҚШ етакчиси футбол терма жамоамизга омад тилади.

Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш юзасидан ҳам фикр алмашган.

Шавкат Мирзиёев ҳамкасбини ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этганди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар