Қаҳрамон Қуронбоев Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимидан озод этилди. “Дарё”нинг ҳукуматдаги манбаси буни тасдиқлади.
Қаҳрамон Қуронбоев 2024 йил январда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимига сайланган ва шу муносабат билан Президент администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилган эди.
Қаҳрамон Қуронбоев 1970-йилда туғилган. Тошкент давлат университети (1992), президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2004) тамомлаган. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари (1997−2008), Миллий университетнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори (2012−2013), Вазирлар Маҳкамасида бўлим мудири (2015−2016), шунингдек, президентнинг жамоатчилик ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари (2017) лавозимларида фаолият кўрсатган. 2017-йилнинг 30 июнидан Ёшлар иттифоқига раҳбарлик қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарори билан ташкил этилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 та штат бирликлари қисқартирилиб, уюшма, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилиши белгиланганди.
Уюшма раиси мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича бош вазир ўринбосарига тенглаштирилади.








