Тошкент халқаро аэропортида салкам 2 кило олтиннинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳамкорлигида Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбир доирасида Тошкент—Дубай йўналиши бўйича парвоз қилишни режалаштирган, 1980-йилда Андижон вилоятида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи шахснинг юклари текширувдан ўтказилганда чемодани ички таянч қисмига жами 1 кг 923 грамм олтин қуймалар яширилгани аниқланган. У ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга 1992-йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан судланган фуқаронинг алоқадорлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Март ойида 2,1 млрд сўмлик олтинни
Фарғонадан Қирғизистонга яширинча олиб кетмоқчи бўлган шахс ушланганди. Андижонда қарийб ярим кило олтин қуймаларини яширинча Қирғизистонга олиб ўтмоқчи бўлган аёл ва унинг қизи тўхтатиб қолинганди.








