Daryo

Исроил Ғазо секторига хорижий кучларни киритишга рози бўлди

Нетаньяху Вашингтонга сафари олдидан шундай қарор қабул қилди. Хорижий ҳарбийлар устидан назорат Тинчлик кенгаши зиммасида бўлади.

2 дақиқа ўқиш5 423 кўришлар0 изоҳ8

Исроил ўт очишни тўхтатиш режаси доирасида Ғазога хорижий хавфсизлик кучлари киришига рози бўлди. Тегишли қарор Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи арафасида қабул қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

“Халқаро барқарорлаштириш кучлари” деб номланган миссия таркибига Исроил назорати остида бўлмаган ҳудудларга жойлаштириладиган “Уганда ва Марокаш каби дўст мамлакатлардан” 200 нафар аскар киради. Ҳар бир ҳарбий контингентнинг Ғазога кириши Исроилнинг алоҳида розилигини талаб этади.

Ушбу кучлар айнан қачон жойлаштирилиши ҳозирча номаълум. Ғазонинг аксарият қисми 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумлари ортидан бошланган икки йиллик уруш сабабли ҳамон вайрон ҳолатда қолмоқда.

2025 йилнинг октябрь ойида эришилган келишувдан сўнг Трамп Ғазо бўйича ўз тинчлик режасини эълон қилганди. Ҳужжат гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш, фаластинлик технократлар бошқарувини жорий этиш, ҲАМАС қуролларини топшириши ва Исроил қўшинларини олиб чиқишини назарда тутади.

Бироқ жараён тўхтаб қолган: “Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмита” деб аталувчи технократлар гуруҳи ҳалигача анклав ташқарисида қолмоқда. Ҳозирда Исроил Ғазо ҳудудининг тахминан 64 фоизини амалда назорат қилмоқда. Секторнинг қарийб 2 миллион аҳолиси эса асосан ҲАМАС назорати остидаги ҳудудларда, вақтинчалик чодирлар ёки шикастланган бинолардаги оғир шароитларда кун кечирмоқда.

ҲАМАС қуролсизланиш шартини бир неча бор рад этган, Исроил эса деярли ҳар куни зарбалар беришда давом этиб, назорат ҳудудини 70 фоизгача кенгайтиришини маълум қилган. Трамп режасида тинчлик дастурининг ижросига масъул бўлган юқори халқаро орган сифатида Тинчлик кенгаши кўрсатилган. Ушбу тузилма, бошқа вазифалар қаторида, киритилган хавфсизлик кучларини ҳам назорат қилиши керак.

Ғазони тиклашга қаратилган Тинчлик кенгаши

2026 йил январь ойида Ғазони тиклаш учун АҚШ президенти Дональд Трамп бошчилигида Тинчлик кенгаши ташкил этилган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам ушбу кенгаш низомини имзолаганди. Жами 19 та давлат етакчилари Давосдаги мазкур тадбирда қатнашган. Кенгашга доимий аъзо бўлишни истаган давлатлар 1 миллиард доллар ихтиёрий бадал тўлаши лозим. Ўзбекистон ва Қозоғистон аъзолик учун бадал тўламаган.

Тинчлик кенгашининг илк йиғилишида Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Кувайт ва БАА Ғазони тиклаш учун 7 миллиард доллар ажратиши, АҚШ эса Тинчлик кенгаши лойиҳаларига 10 миллиард хайрия қилиши маълум бўлди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар