АҚШ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш битимига риоя этилишини назорат қилиш учун Исроилга 200 нафар ҳарбий жўнатмоқчи. Бу ҳақда икки нафар амалдорга таяниб, NBC News хабар берди.
Маълум қилинишича, америкалик ҳарбийлар логистика, транспорт, муҳандислик ишлари ва режалаштириш бўйича кўмаклашади.
“Улар Ғазо секторида бўлмайди. Ғазо ҳудудида бирорта ҳам америкалик аскар бўлмайди”, деди манба.
Бу ташаббус “Фуқаровий-ҳарбий мувофиқлаштириш маркази” деб аталади. У Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими эълон қилингач йўлга қўйилган. Манбаларга кўра, АҚШ ҳарбий ходимлари аллақачон Исроилга етиб келишни бошлаган.
“Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказишни қўллаб-қувватлашдан ташқари, қўшинлар келишув шартлари бажарилишини таъминлаш мақсадида томонлар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш механизмининг ишлашини назорат қилади”, дейилади хабарда.
АҚШ ҳарбий ходимлари илгари ҳам Исроилда турли вазифаларни, жумладан, ракетага қарши мудофаа доирасидаги ишларни бажарган. Тинчлик битимининг биринчи босқичида Исроил 2000 дан ортиқ фаластинлик маҳбусни, жумладан, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 250 кишини озод қилади. ҲАМАС эса 20 нафар тирик исроиллик гаровга олинганларни топширади. Асирлар алмашинувнинг кейинги босқичлари қўшинларни сектордан босқичма-босқич олиб чиқиш билан параллел равишда олиб борилади.








