Исроил ва ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари расмийларига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.
Маълум қилинишича, ҲАМАС АҚШ президенти Дональд Трампнинг тинчлик режаси доирасида тузилган келишувга қарамай, қуролсизланишдан бош тортмоқда. Шу сабабли Исроил армияси фаластинликлар истиқомат қиладиган қирғоқ ҳудудида янги қуруқликдаги ҳарбий операция ўтказиш режасини ишлаб чиққан.
Ўз навбатида, ҲАМАС ҳаракати уруш пайтида йўқотилган ҳарбий салоҳиятини тикламоқда. Гап вайрон бўлган туннел инфратузилмасини таъмирлаш ҳақида бормоқда. ҲАМАС молиявий маблағлар олиб, аъзоларига мунтазам тўловларни қайта йўлга қўйгани таъкидланди.
Шунга қарамай, ҲАМАС Ғазодан ташқарида янги қўмондон сайланганидан сўнг қуролсизланиш масаласидаги позициясини ўзгартириши мумкин. Номзодлар орасида қуролсизланишга қарши бўлган Халил ал Ҳайя, шунингдек, нисбатан мўътадил қарашлари билан танилган Холид Машъал ҳам бор.
Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги гуруҳ Исроилга ҳужум уюштирганидан сўнг бошланди. Яҳудий расмийлари бу ҳужумда тахминан 1200 киши ҳалок бўлгани, 251 киши ўғирлаб кетилганини маълум қилди. Исроилнинг жавоб ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 71 мингдан ошган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари ҳисобланади.
2025 йил 10 октябрь куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида тузилган оташкесим битими юз минглаб фаластинликларга Ғазо шаҳри харобаларига қайтиш имконини берган. Исроил ўз қўшинларини “сариқ чизиқ”қача олиб чиқди ва гуманитар ёрдам оқимини қисман тиклади. Бироқ сулҳдан бери Исроил кучлари Ғазога берган зарбаларида камида 400 киши ҳалок бўлди. Исроилнинг ўзи эса сулҳ бошланганидан буён уч аскари ўлдирилганини маълум қилган.








