Республикадаги энг кўп пенсионерлар Фарғонада бўлиб, вилоятда ҳар саккиз кишидан бири пенсияга чиққан. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.
2026 йилнинг биринчи ярмида Пенсия жамғармаси тизимида пенсия олувчилар сони 4 миллион 361 минг 432 нафарга етди. Мазкур кўрсаткич умумий аҳолининг 11 фоиздан ортиқ қисмини ташкил қилади. Уларнинг 83 фоизи ёшга доир, 11 фоизи ногиронлик, 6 фоизи боқувчисини йўқотганлик пенсияси олади.
Таҳлилларга кўра, пенсионерлар сони 2025 йил июлдан жорий йил июлигача 158,9 минг (3,8 фоиз) нафарга ошган. Мамлакатда ойлик ўртача пенсия миқдори 1 миллион 688 минг сўмдан тўғри келади. Энг кам пенсия миқдори эса 878 минг сўм.
Республика бўйича энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида яшайди — 515,4 минг нафар. Бу ҳудудда ҳар саккиз кишидан бири пенсионер дегани. Умумий олганда, тўртта ҳудуд — Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё Ўзбекистондаги жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамрайди.
Энг кичик кўрсаткич Сирдарё вилоятида (111,3 минг киши) — Фарғонадан 4,6 баравар кам.
Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори босқичма-босқич ошиб бориши прогноз қилинган. Хусусан, жорий йилда 1,7 миллион сўмга етказилади. 2027 йилда бу кўрсаткич 1,8 миллион сўм, 2028 йилда 1,9 миллион сўм, 2029 йилга бориб эса 2,1 миллион сўмга етиши кутилмоқда.
Аввалроқ пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгартирилиши хабар қилинганди.








