Россия президенти Владимир Путин 24 июль куни Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни туғилган куни билан табриклади.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Россия етакчиси давлат раҳбарига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, Ўзбекистон халқининг фаровонлиги йўлидаги фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон—Россия ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларининг ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, устувор йўналишларда етакчи корхона ва компанияларнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар алмашинув фаол давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ва Россия етакчилари бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон президенти 69 ёшни қарши олди
Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган.
У 2003 йилда Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланган, ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон президенти этиб сайланган. 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловида 80,1 фоиз овоз билан 7 йил муддатга Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланган. 2023 йил 9 июлида бўлиб ўтган сайловда эса Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлганди. 14 июлда тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришди. У “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.








