Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида спиртли ичимлик таъсирида ўз онасига оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Овоз” информацион дастурида хабар қилинди.
Маълум қилинишича, 1985 йилда туғилган эркак маст ҳолда турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолган. Келишмовчилик тобора кескинлашгач, вазиятни тинчлантириш учун ўртага тушган онаси ҳам можаро марказида қолиб кетган. Ғазабини жиловлай олмаган эркак ўз онасига оғир тан жароҳати етказган. Жабрланувчи ўз ўғлининг ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Мажлисда жабрланувчига онасининг даъвоси борлиги ва қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражаси инобатга олинган.
Суд ҳукмига асосан, эркак Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчининг аввалги ўталмай қолган жазоси ҳам қўшилиб, у узил-кесил 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Аввалроқ Фарғона вилояти Данғара туманида ўз онасини ўта шафқатсизлик билан ўлдирган 29 ёшли эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилганди. У 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бошқа бир вазиятда эса Андижонда турмуш ўртоғини мактаб биносида пичоқлаб ўлдирган эркак 19 йилга қамалган.








