Аҳоли сонининг ортиб бораётганига қарамай, Тошкентда кўчмас мулк бозорида кескин нарх ўзгаришлари кузатилмади. Бу ҳақда 3 июль куни Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази хабар берди.
Марказий электрон савдо платформаларидаги маълумотлар асосида Тошкент шаҳридаги турар жой ва нотурар объектларнинг бир ой ичидаги ўртача бозор нархларини ўрганди. Таҳлил натижаларига кўра, аксарият ҳудудларда нархлар барқарор сақланиб, ўсиш суръатлари мўътадил даражада давом этмоқда.
Кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг ўртача нархи
1 июль ҳолатига кўра, пойтахтда кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг ўртача нархи 1 квадрат метр учун 16,5 млн сўмни ташкил этди. Июнь ойида бу кўраткич 16,4 млн сўмни ташкил этган. Энг қиммат уйлар Шайхонтоҳур туманида бўлиб, 1 квадрат метри ўртача 25,3 млн сўм. Ундан кейинги ўринларда Миробод (23,2 млн сўм) ва Яккасарой (20,5 млн сўм) жойлашган. Энг арзон хонадонлар эса Янгиҳаёт (11 млн сўм), Сергели (11,45 млн сўм) ва Бектемир (11,5 млн сўм) туманларида.
Якка тартибдаги уй-жойлар 1 сотих ери ўртача нархи
Тошкентда якка тартибдаги уй-жойлар бозорида 1 сотих ернинг ўртача нархи бир ойда 912,9 млн сўмдан 916,9 млн сўмга ошди. Бундай уйлар бўйича қиммат ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани бўлди, бу ерда 1 сотихнинг ўртача нархи 1,72 млрд сўмни ташкил этди. Кейинги ўринларда Яккасарой (1,64 млрд сўм) ва Юнусобод (1,44 млрд сўм). Энг арзони эса Бектемир (394 млн сўм) ва Янгиҳаёт (405 млн сўм) туманларида.
Бир ой ичида хусусий уй-жойлар нархи Сергели (-0,5 фоиз) ва Чилонзор (-0,1 фоиз) туманларида бир оз пасайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки беш ойида 21 553 нафар фуқарога ипотека кредитлари ажратилди. Ипотека субсидия хабарномасига эга фуқароларга пулларини банкда кўпайтириш имконияти берилади. Ҳукуматнинг 4 июлда кучга кирган қарори билан айрим тиббиёт ходимларига уй сотиб олиш учун субсидия бериш тартиби ҳам тасдиқланди.








