Фарғона вилоятида тезкор таҳлиллар давомида 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳосил қилишга уриниш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда вилоят Солиқ бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Т.З. раҳбарлигидаги Фарғона шаҳрида рўйхатдан ўтган “Э.Ф.Ф.” ҳамда “Ф.Э.О.З.” компаниялари 2026 йил май ойида Термиз шаҳридаги “Т.Б.С.Э.” МЧЖдан гўёки 1,2 трлн сўмлик ун ва сариёғ маҳсулотлари сотиб олгани ҳақида электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган.
Солиқ органлари корхоналарнинг ҚҚС ҳисоботларини ва юридик манзилларидаги омборларни ўрганганда, Фарғонадаги корхоналарга амалда ҳеч қандай маҳсулот етказиб берилмагани, улар учун бирор сўм ҳам пул ўтказилмагани аниқланган.
Шу тариқа, Термиздаги корхона Фарғонадаги икки МЧЖда 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳосил қилишга урингани маълум бўлган.
Тезкор чоралар натижасида “Э.Ф.Ф.” ва “Ф.Э.О.З.” компанияларнинг ҚҚС гувоҳномалари вақтинча тўхтатилган, аниқлаштирилган ҳисоботлар қабул қилиниб, 125,4 млрд сўмлик сунъий ҚҚС ҳисобдан чиқарилган.
Солиқ бошқармаси ушбу фирибгарлик схемаси ижтимоий тармоқлар орқали сохта фискал чекларни сотиш ва улар асосида ноқонуний кешбэк олиш имкониятини яратиш мақсадида ташкил этилганини маълум қилди.
Ҳолат юзасидан тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Солиқ органлари фуқаролардан “Солиқ” мобил иловасида фақат ўзлари амалга оширган харидлар учун берилган ҳақиқий фискал чекларни рўйхатдан ўтказишни, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган сохта чекларни рўйхатдан ўтказмасликни сўради. Унга кўра, бундай ҳаракатлар қонунчиликка зид бўлиб, жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Июнь ойи бошида Фарғона вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан Soliq Mobile иловаси орқали 3,2 млрд сўм маблағ кешбэк сифатида талон-торож қилингани фош этилгани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








