Daryo

Ўзбекистонда “ҳаводан” 2 млрд сўм ҚҚС олишга эришганлар ушланди

ДХХ қалбаки ҳужжатлар орқали қўшилган қиймат солиғини қайтариш схемасини фош этди. Муқаддам судланган шахслар бу хизмат эвазига 340 млн сўмни ўзаро тақсимлаб олишлари керак бўлган.

1 дақиқа ўқиш51 413 кўришлар0 изоҳ32

Давлат хавфсизлик хизмати қалбаки ҳужжатлар орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариш схемаси фош этилганини маълум қилди.

ДХХнинг Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.

Унга кўра, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоий вилоятидаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кириб, 2025—2026 йилларда 20 млрд сўм атрофида товар айланмаси бўлгани тўғрисида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириш орқали, мазкур корхона ҳисобига бюджетдан 2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини солиқ идораларида ишловчи танишлари кўмагида қайтариб олинишида ёрдам беришини айтган. Ўз навбатида, ушбу “хизмат” ҳақи эвазига 340 млн сўм талаб қилган.

ҚҚСни корхона ҳисоб рақамига тушириб бериш билан боғлиқ барча сохта амалиётларни унинг шериги — Андижон шаҳрида яшовчи, 1971 йилда туғилган якка тартибдаги тадбиркор амалга оширган. Яъни тадбиркор ўзига таниш бўлган МЧЖ ва Навоий вилоятидаги хусусий корхона ўртасида электрон шартнома расмийлаштирган. Ушбу шартномага асосан гўёки қиймати 18 млрд 670 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилгани, транспорт хизмати кўрсатилгани ва қурилиш материаллари етказиб берилгани тўғрисида 10 та сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштириб, 2 млрд сўм ҚҚС қайтарилишига эришган.

Шундан сўнг талаб қилинган пул маблағини улар ўзларининг жиноий шериклари — Қибрай туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган фуқаро орқали олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Аниқланишича, ушбу шахслар талаб қилинган 340 млн сўмни ўзаро тақсимлаб олишлари керак бўлган.

Мазкур тўрт нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган солиқ идораларидаги танишларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар