Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев Малайзияга саёҳат учун бориб, гиёҳванд моддалар контрабандаси сабаб ўлимга ҳукм қилинган уч нафар ўзбекистонлик тўғрисида “Дарё”га маълумот берди.
Истеъфодаги Давлат хавфсизлик хизмати ходими Ўктам Сувонов YouTubeʼдаги “Xavfsizlik.uz” каналига берган интервьюсида бундан 10—11 йил илгари Куала Лумпур шаҳридаги аэропортда уч нафар ўзбекистонлик наркотик моддалар билан ушланиб, ўлим жазосига ҳукм қилингани тўғрисида гапириб берганди.
ТИВ расмийсига кўра, мазкур ҳолат 2010 йилнинг сентябрида содир бўлган. Ўзбекистон фуқаролари Н.С., Н.Д. ва Ж.Ж. Куала Лумпур халқаро аэропортида 12 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтишга уринишда Малайзия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.
Кейинчалик Малайзия суди томонидан уларга нисбатан ўлим жазоси тайинланган.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан 2013, 2014, 2016 ва 2020 йилларда Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди ҳамда мамлакат қироли номига уларни афв этиш тўғрисида бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган.
2018 йилда Малайзияда ўлим жазосини қўллашга мораторий жорий этилган. Кейинчалик, 2024 йил 18 март куни кучга кирган “Ўлим ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоларини олган шахсларнинг ишларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги қонун асосида Малайзия Олий суди мазкур уч нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан чиқарилган аввалги ўлим жазосини 30 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирган.
Малайзия қонунчилигига мувофиқ, жазони ижро этиш тартиби ва яхши хулқ-атвор учун назарда тутилган имтиёзлар инобатга олинганда, ушбу фуқароларнинг жазо муддати 2030 йилда якунланиши кутилмоқда.
“Ҳозирги вақтда улар Малайзиянинг Селангор штатидаги Кажанг қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан улар билан мунтазам консуллик учрашувлари ўтказилиб, зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни бундан буён ҳам давом эттиради”, дейилади хабарда.








