Daryo

Тошкент халқаро аэропортида божхоначи робот иш бошлади

Қурилма божхона тартиб-қоидалари бўйича йўловчиларни қизиқтирган саволларга 10 та тилда жавоб бера олади. Робот ҳозирча Марказий Осиёда ягона экани айтилди.

1 дақиқа ўқиш4 434 кўришлар0 изоҳ3

Тошкент халқаро аэропортида сунъий интеллект асосида ишлайдиган робот йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади. Бу ҳақда 29 июнь куни Божхона қўмитаси аэропортга уюштирган пресс-турда маълум қилинди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

Робот йўловчиларнинг божхона қонун–қоидаларига оид исталган саволларига жавоб қайтаради. Божхона қўмитаси катта инспектори Бобур Тўхтамуродов қурилма синовдан муваффақиятли ўтганини айтди.

“Роботимиз Божхона қўмитаси маълумотлар базаси ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг қонунчилик базаси билан дастурланган. Йўловчиларда божхонага оид саволлар пайдо бўлса, 10 та тилда жавоб бера олади. Мазкур робот ҳозирча Марказий Осиёда ягона. У Хитойда ишлаб чиқарилган, дастурий таъминоти эса қўмита ходимлари томонидан яратилган”, деди мутахассис.

Фото: Божхона қўмитаси

Маълум қилинишича, аэропортларда аниқланаётган қатор қоидабузарликлар йўловчиларнинг божхона қоидаларини етарлича билмаслигидан келиб чиқмоқда. Шу сабаб қурилма одамларга тезкор маълумот олишга ёрдам беради. 

“Айрим ҳолларда жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган заргарлик буюмлари, валюта, дорилар ёки мобил қурилмалар ҳақида божхона ходимларидан маслаҳат сўрашга истиҳола қилади. Сўрасам, олиб қўйишади, деган янглиш фикрга ҳам боришади. Бунга ечим сифатида AiRO интерактив божхона роботи ишга туширилди”, дея масалага изоҳ берди қўмита матбуот хизмати.

Фото: “Дарё”

Йўловчилар роботдан валюта, мобил қурилмалар, дори воситалари, заргарлик буюмлари, тақиқланган товарлар, декларация тўлдириш тартиби ҳамда “яшил” ва “қизил” йўлаклардан фойдаланиш бўйича саволларга жавоб олиши мумкин. Роботнинг асосий вазифаси инсон ўрнини босиш эмас, балки ходимларга ёрдам бериш, йўловчиларни тезкор ахборот билан таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат экани айтилди.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар