Daryo

Навоий аэропортида самолётларга хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган техника ва эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан вақтинча озод этилади

Президент танишган тақдимотда аэропорт ҳудудида “порто-франко” эркин божхона зонаси ташкил этилиши маълум қилинди. Унга мувофиқ, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган техника 2029 йилга қадар божхона тўловларидан озод қилинади.

1 дақиқа ўқиш4 333 кўришлар0 изоҳ1

Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда авиация корхоналарини трансформация қилиш бўйича тайёрланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда қайд этилишича, Навоий халқаро аэропортининг асосий кўрсаткичлари 2025 йилда 2024 йилга нисбатан ўсишга эришган бўлса-да, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш йўналишларида мавжуд максимал қувватлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шу билан бирга, аэропорт инфратузилмаси, техника парки, юк ва йўловчи терминалларини модернизация қилиш ҳамда фаолият жараёнларини рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган бизнес режа ҳам тақдим этилди. Унга мувофиқ, тижорат ва ноавиацион фаолият кўрсаткичларини 50 фоизга ошириш, 25 тадан ортиқ авиакомпаниянинг доимий парвозларини йўлга қўйиш ҳамда қайта ишланадиган юк ҳажмини 20 минг тоннадан ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “порто-франко” эркин божхона зонасини ташкил этиш таклиф қилинди. 2029 йил 1 январга қадар ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган махсус техника ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади. Бундан ташқари, аэропорт ҳудудидаги меҳмонхонани аэропорт тасарруфига ўтказиш белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимот давомида фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида харажатларни қисқартириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда асосий фаолиятга хос бўлмаган хизматларни аутсорсингга ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар таклиф этилди.

Шу билан бирга, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, электр энергиясида ҳаракатланувчи махсус транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали эксплуатацион харажатларни камайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу чора-тадбирлар Навоий халқаро аэропорти фаолиятини янада самарали ва рақобатбардош қилишга қаратилгани таъкидланди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар