Сурхондарё вилоятининг Денов туманида безорилик ва товламачилик билан шуғулланиб келган “Алфа” номли жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Ҳудуд” информацион дастурида хабар берилди.
Ушбу гуруҳ қўлга олингани ҳақида 2026 йилнинг январида маълум қилинганди. Денов туманида яшовчи 28 ёшли фуқаро яна тўрт нафар шериги билан бирлашиб, “Алфа” номли гуруҳ тузган ва осон даромад топиш мақсадида бир нечта безорилик ва товламачилик жиноятларини содир этган.
Хусусан, кўчада бир фуқарони ушлаб, автомашинасига мажбурлаб ўтқазиб, ундан 2500 доллар беришни талаб қилган. Улар жабрланувчининг Labo автомобили калити ва ҳужжатларини олиб қўйган.
Икки нафар судланувчи 3 йилга, бир нафари 5 йил, яна икки нафари эса 5 йил-у бир ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки беш ойида 61 та уюшган жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолияти бартараф этилди. Жами 14 минг 462 та махсус тезкор тадбир ташкил этилган.








