Daryo

Сергели автобозори яқинида транспорт ҳаракати тартиби ўзгартирилади

Бозор ҳудуди бўйлаб қўшимча локал йўл қурилиб, мажмуага кирувчи ва ундан чиқувчи транспорт оқими Янги Сергели кўчасидаги асосий ҳаракатдан ажратилади.

1 дақиқа ўқиш9 224 кўришлар0 изоҳ7

Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган автомобил бозори атрофидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида транспорт ҳаракатини ташкил этишнинг янги схемаси жорий этилмоқда. Бу ҳақда Ягона ҳаракатни ташкил этиш маркази хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу бозор пойтахтдаги энг йирик транспорт оқими шаклланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Мажмуа 5 400 та автомобилга мўлжалланган бўлиб, унинг Янги Сергели кўчасига туташ кириш ва чиқиш йўлларидан кунига 1 500 дан ортиқ автомобил фойдаланади. Бу эса йиллар давомида мазкур кўчада тирбандликлар ва ҳаракатнинг секинлашишига сабаб бўлиб келган.

Муаммони ҳал этиш мақсадида бозор ҳудуди бўйлаб қўшимча локал йўл қурилмоқда. Янги схемага кўра, автомобиллар бозорга киришда асосий йўлдан олдинроқ ажралиб чиқиб, локал йўл орқали ҳаракатланади. Бозордан чиқаётган транспорт воситалари ҳам аввал ушбу йўлга чиқиб, кейин умумий оқимга қўшилади.

ЯҲТЕМга кўра, бу ечим Янги Сергели кўчасидаги асосий транспорт оқимини бозор транспортидан ажратиш, кескин тормозланиш ва бурилишлар сонини камайтириш ҳамда ҳаракатни янада тартибли ташкил этишга хизмат қилади. Натижада кўчанинг ўтказувчанлик қобилияти ошиши ва тирбандликлар камайиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида инфратузилма ҳам яратилмоқда. Бундан ташқари, бозор ичидаги автотураргоҳларни тартибга солиш ишлари олиб борилиб, 2 мингдан ортиқ автомобил жойига мўлжалланган йўл чизиқлари чизилган.

Янги ҳаракат схемаси жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш, пиёдалар хавфсизлигини ошириш ва Сергели туманидаги транспорт юкламасини камайтиришга хизмат қилишини таъкидланди.

Май ойи ўрталарида ушбу автобозорда “ақлли” камералар ва рақамли назорат тизими жорий этила бошлангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу тизим ёрдамида бозорга кириб-чиқаётган транспорт воситалари ҳисоби юритилиши, давлат рақам белгилари аниқланиши ҳамда автомобилларнинг савдо майдонларига жойлашуви назорат қилиниши режалаштирилган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар