Daryo

Тошкентда ўқув йилининг илк кунида автомобиллар оқими 30 фоизга ошди

Пойтахтдаги муҳим тартибга солинадиган чорраҳаларнинг деярли барчаси рақамли тизимга уланган бўлиб, мутахассислар йўл ҳолати, светофорларнинг ишлаши, автомобиллар навбати ва жамоат транспорти ҳаракатини назорат қилган.

1 дақиқа ўқиш3 963 кўришлар0 изоҳ0

2 сентябрь куни Тошкент кўчаларидаги транспорт оқими 24 августдаги одатий иш кунига нисбатан 30 фоизга ошди. Шунга қарамай, шаҳар бўйича умумий тирбандлик даражаси 6 балл атрофида сақланиб қолди. Бу ҳақда ЙҲТЭМ хабар берди.

Марказ маълумотларига кўра, транспорт оқими реал вақт режимида кузатиб борилган. Пойтахтдаги муҳим тартибга солинадиган чорраҳаларнинг деярли барчаси рақамли тизимга уланган бўлиб, мутахассислар йўл ҳолати, светофорларнинг ишлаши, автомобиллар навбати ва жамоат транспорти ҳаракатини назорат қилган.

Транспорт оқимида навбатлар ортган ҳолларда юклама юқори йўналишдаги светофорларда яшил чироқ давомийлиги узайтирилган, светофор фазалари қайта созланган ва қўшни чорраҳалар ўзаро мувофиқлаштирилган. Бу орқали тирбандликнинг кейинги чорраҳаларга тарқалиши олди олинган.

ЙТҲ, автомобилнинг йўлда тўхтаб қолиши, йўл тасмасининг ёпилиши, таъмирлаш ишлари ёки тўхташ қоидаларининг бузилиши сабабли юзага келган тирбандликлар ҳақида эса Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига тезкор маълумот берилган. Заруратга кўра, жойнинг ўзида ҳаракат қўлда тартибга солинган ва тегишли хизматлар жалб этилган.

Вазиятлар марказида Тошкент шаҳар ЙҲТЭМ , Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси, ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ, жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари ҳамда муҳандислик ва таҳлилий бўлинмалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда.

Марказ маълумотига кўра, олий таълим муассасалари, академик лицейлар, техникумлар ва бошқа таълим муассасаларида машғулотлар бошланиши билан транспорт юкламаси янада ортиши мумкин. Шу сабабли яқин кунларда транспорт ҳаракатини мониторинг қилиш кучайтирилган тартибда давом эттирилади.

1 сентябрь куни ЙҲТЭМ ва Транспорт бошқармаси Тошкент шаҳрида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан транспорт тизими юқори юкламага тайёр эканини маълум қилганди. Янги ўқув йили олдидан мактаблар атрофидаги йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар