Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов шаҳарда дарахтларнинг кесилиши бўйича муносабат билдириб, айрим ҳолатларда бу жараён халқ манфаатлари ва йирик лойиҳалар учун зарур бўлиши мумкинлигини айтди.
“Газета” нашрига берган интервьюсида ҳоким, агар дарахт соғлом бўлса ва у шахсий манфаат ёки заруратсиз кесилган бўлса, бунга салбий қарашини таъкидлаган.
Шу билан бирга, ҳоким зарарланган дарахтларни олиб ташлаш ёки экологик ҳамда жамоатчилик манфаатига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун айрим ҳолларда дарахт кесилиши мумкинлигини қайд этган.
“Бирор бундан ҳам яхши лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратиш, экологик ёки халқ манфаатини кўзлаган лойиҳа бўлса, бу ерда тарозига битта дарахтни олиш керак эмас. Халқ манфаати қаерда юқори бўлса, шуни кўриш керак”, деган Тошкент ҳокими.
Шавкат Умрзоқов пойтахтда дарахт экиш ва экологик муҳитни яхшилаш имкониятлари етарли эканини ҳам таъкидлаган.
“Худога шукур, дарахт экадиган жойларимиз кўп, экологик муҳитни яхшилайдиган ишларимиз тури кўп. Шуларни амалга ошириб боришимиз керак. Битта дарахт кесилиб қолса, яхши эмас, лекин уни трагедия қилишимиз ҳам керак эмас”, деган у.
Пойтахтда дарахтлар ноқонуний кесилиши ёки кўчириб ўтқазилиши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учраб туради. Жумладан, 2025 йил октябрида Тошкентнинг Яккасарой туманида 144 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганди.
Бундан ташқари, 2026 йил март ойида Шайхонтоҳур туманида 100 дан ортиқ дарахт ноқонуний кўчириб ўтқазилгани ва уларнинг аксарияти қуриб қолгани аниқланган. Ҳолат оқибатида табиатга 881 миллион 268 минг сўм миқдорида зарар етказилган.








