Термиз шаҳар қурилиш бўлими собиқ бошлиғи 200 дан ортиқ дарахтнинг кесилишида айбдор деб топилди. Бу ҳақда 21 май куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ иш қайта кўриб чиқилди. Иш материалларига кўра, собиқ мансабдор ҳамда “М.Т.Т” МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳри “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги дарахтларни кўчирмоқчи бўлган.
Шу мақсадда улар ўзаро дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган. Бироқ ҳудуддаги дарахтлар вилоят Экология ҳамда Миллий гвардия бошқармалари ходимлари томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига асосан рад этилган.
Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп Элдор қарағайи, 36 туп Virgin арчаси, 101 туп Шарқ биотаси, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган. Натижада табиатга 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўм зарар етказилган.
Апелляция инстанциясида собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлагани ва қурилиш ташкилотига фақат “ёрдам бергани”ни билдирган. Бироқ суд ҳайъати иш бўйича тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда экспертиза хулосаларини атрофлича таҳлил қилиб, собиқ мансабдорни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди.
Суд ҳукмига кўра, айбдорга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Дастлабки қамоқда сақланган муддат инобатга олиниб, ўташи лозим бўлган якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.








