Daryo

Тошкент ИИББ дайдилар бўйича топшириқ берган амалдор ишини ўрганмоқда

Бошқарма мазкур йўналишда ходимларга бирор режа ёки мажбурий кўрсаткич юклатилмаганини маълум қилди.

1 дақиқа ўқиш12 806 кўришлар0 изоҳ5

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган, Олмазор тумани ИИБ амалдорининг топшириғи акс этган видео юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, пойтахтда дайдилик ва тиланчилик ҳолатларига қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги уч ой давомида шаҳарда 283 нафар дайди ва 210 нафар тиланчилик билан шуғулланган шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган.

Шу билан бирга, ИИББ мазкур йўналишда ходимларга бирор режа ёки мажбурий кўрсаткич юклатилмаганини маълум қилди. Уларнинг асосий вазифаси жамоат тартибини бузаётган шахсларни аниқлашдан иборат экани таъкидланди.

Идора маълумотига кўра, кўчада учраётган дайдилик ва тиланчилик ҳолатларининг бир қисми аслида эҳтиёж эмас, балки атайлаб ташкил этилган фирибгарлик фаолияти бўлиши мумкин. Хусусан, болалардан фойдаланиш ёки сохта ногиронлик орқали фуқароларда раҳм уйғотиш ҳолатлари жиддий муаммо сифатида қайд этилган.

Шунингдек, Олмазор тумани ИИБ Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Аброр Худойбердиевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви олиб борилаётгани билдирилди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу амалдор профилактика инспекторларига “дайди топиш” бўйича кескин топшириқ бергани акс этган аудио ва видео тарқалганди.

Тошкент ИИББ фуқароларни кўчада ўзини ногирон сифатида кўрсатаётган шахсларга пул бермасликка, ёрдамни фақат расмий ва ишончли манбалар орқали кўрсатишга чақирди. Шунингдек, ОАВдан мазкур масалада холис бўлиш ва ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда объектив ёндашувни сақлаш сўралди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар