Daryo

АҚШ эронлик мигрантларни Марказий Африка Республикасига депортация қилмоқчи — манба

Трамп маъмурияти ўз ватанида қийноққа учраши мумкин бўлган мигрантларни, жумладан, эронлик, афғон ва сурияликларни қуролли тўқнашувлар ва қашшоқлик гирдобидаги Африка давлатига юборишни режалаштирмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 987 кўришлар0 изоҳ3

Дональд Трамп маъмурияти АҚШдаги бир қатор эронлик ва бошқа мигрантларни Марказий Африка Республикасига (МАР) депортация қилишни режалаштирмоқда. Бу давлат доимий беқарорлик, зўравонлик ва қашшоқликдан азият чекади. Бу ҳақда Reuters агентлигига икки нафар адвокат ва вазиятдан хабардор расмий шахс маълум қилди.

Депортация қилиниши кутилаётган эронликлар орасида икки нафар аёл бор. Агар улар Эронга қайтарилса, қийноқ ва таъқибларга учраши мумкин. Уларнинг адвокати Эмили Тростлга кўра, аёллардан бири христианликни қабул қилган, иккинчиси эса демократия фаолидир.

АҚШ Давлат департаменти ва МАР президенти маъмурияти бу масалада ҳозирча изоҳ бермади. МАР яқинда Вашингтон билан АҚШдан учинчи давлатлардан депортация қилинганларни қабул қилиш бўйича келишув имзолаганди.

Таъкидланишича, ҳар иккала аёл ҳам 2024 йил ноябрь ойида АҚШга келганида ҳибсга олинган. Улар Қўшма Штатлардан бошпана сўраган. АҚШ иммиграция судьяси уларни мамлакатдан чиқариб юборишни вақтинча кечиктирган ва уларга ҳимоя ҳуқуқини берган. Бу судьялар уларнинг Эронда таъқиб қилиниши ёки қийноққа солиниши хавфини 50 фоиздан юқори деб топганидан кейин амалга оширилган.

Вазиятдан хабардор расмийнинг Reuters’га билдиришича, келишув доирасидаги биринчи рейс МАРга тахминан 20 кишини олиб кетади. Улар орасида сурияликлар ва афғонлар ҳам бор. Адвокатларнинг айтишича, самолёт шу ҳафта йўлга чиқиши мумкин.

Учинчи давлатлар билан депортация шартномалари

Трамп маъмурияти ўз юртига қонуний равишда қайтара олмайдиган одамларни депортация қилиш учун учинчи давлатлар билан шартномалардан фойдаланмоқда. Шундай шартномалардан бири МАРнинг қўшниси — айни пайтда Эбола эпидемияси билан курашаётган Конго Демократик Республикаси билан ҳам тузилган.

Вашингтон бу келишувларни қонуний деб ҳимоя қилмоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фаолларнинг айтишича, депортация қилинганларнинг кўпчилиги охир-оқибат барибир ўз ватанига қайтарилади.

Келишув доирасида юзлаб одамлар депортация қилиниши мумкин

Депортация қилинганлар МАР пойтахти Банги шаҳридаги квартираларда сақланади. Расмий шахснинг сўзларига кўра, уларни дарҳол ватанига қайтариш режалаштирилмаган.

Келишув доирасида у ерга охир-оқибат юзлаб муҳожирлар депортация қилиниши мумкин. Халқаро миграция ташкилоти (ХТМ) матбуот котибининг билдиришича, ташкилот МАР ҳукумати илтимосига биноан Бангига келган муҳожирларга гуманитар ёрдам кўрсатади.

АҚШ 2026-йилда ХМТнинг МАРдаги фаолияти учун 85 миллион доллар ажратди. Бу мамлакат 1960 йилда Франциядан мустақилликка эришгандан бери бир неча бор тартибсизликларни бошдан кечирган. Ҳозирда 5,5 миллионлик аҳолининг аксарияти қашшоқликда яшайди.

МАР президенти Фостен-Арканж Туадера 2025 йилда бир нечта исёнчи гуруҳлар билан тинчлик шартномаларини имзолади. Бошқа исёнчи гуруҳлар эса Россия ёлланма аскарлари ва Руанда қўшинлари томонидан заифлаштирилган. Улар БМТ тинчликпарвар кучлари билан бирга Туадера ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун жойлаштирилган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши 28 февралда бошлаган уруши қарийб 3 ойдан бери давом этмоқда. Трамп номаълум муддатга оташкесим эълон қилган. Бироқ июнь ойи бошида бир неча бор ўт очишни тўхтатиш сулҳи бузилди.

АҚШ президенти 11 июнь куни кечқурун Эронга шиддатли зарбалар беришини айтди. Бироқ у бир оз вақтдан сўнг мамлакат билан сулҳга эришилганини айтиб, томонлар ўртасида тинчлик битими ҳафта охирида Европада имзоланиши мумкинлигини даъво қилди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар