Форс кўрфази давлатларининг Эрон ҳужумларига нисбатан “пассив мудофаа”си чексиз эмас. Агар тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар давом этса, бунга тоқат қилинмайди. Бу ҳақда БАА Федерал миллий кенгашининг Мудофаа, ички ишлар ва ташқи алоқалар қўмитаси раиси Али Рашид Ал Нуаимий маълум қилди.
У Амирликлар урушга тортилиб кетмаслик учун ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Эроннинг халқаро майдондаги баёнотлари билан амалий ҳаракатлари ўртасида тафовут борлигини айтди.
Эрон ўзини халқаро ҳуқуққа содиқ, яхши қўшничилик тарафдори сифатида кўрсатади. Аммо минтақа давлатлари билан муносабатда айнан шу тамойилларни биринчи бўлиб ўзи бузади, деди у.
БАА расмийси Форс кўрфази давлатлари ўз ҳудудларидан Эронга қарши ҳужумлар учун фойдаланмасликка ваъда берганини эслатди. Бироқ бу мажбуриятга жавобан тажовуз юз берганини таъкидлади.
Бу мажбуриятимизга жавоб сифатида Эрон бизга ҳужум қилди… БАА шафқатсиз тажовуз деб таърифлаш мумкин бўлган ҳужумга дуч келди, деди у.
У музокараларда фаол воситачилик қилаётган Уммон ҳам ҳужумга учраганини қайд этди.
Ҳатто Эронга хайрихоҳ бўлганлар ҳам энди ҳайратда, деди Али Рашид Ал Нуаимий.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги ҳужумлар Эроннинг ядро дастури, баллистик ракеталари ва минтақадаги қуролли гуруҳлари бўйича узоқ йиллик танқидларнинг асосли эканини кўрсатмоқда.
Эронни танқид қилганларнинг позицияси тўғри бўлган. Эрон бундай фаолиятдан тўхтатилиши керак, чунки унинг, айниқса, қўшниларга нисбатан ҳаракатлари тажовузкор, деди у.
Фуқаролик нишонлари
Ал Нуаимий Эрон ҳужумлари ҳарбий объектларга эмас, балки фуқаролик инфратузилмасига қаратилганини айтди.
Ҳозир содир бўлаётган ҳужумларнинг ҳарбий базаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар фуқаролик объектларини нишонга олмоқда. Улар минтақадаги барча аэропортларни нишонга олган. Улар аҳоли зич жойлашган марказларни нишонга олмоқда. Бу жанжалда режим ютқазади, деди у.
Ал Нуаимий Бирлашган Араб Амирликлари ўз позициясидан чекинмаслигини таъкидлади.
Биз БААда ҳам, Форс кўрфази мамлакатларида ҳам ўз позицияларимизни ўзгартирмаймиз. Биз ўз сиёсий йўналишимиз ва нутқимизни сақлаб қоламиз. Амирликлар заминида яшовчи ҳар бир кишининг хавфсизлигини сақлашга содиқ қоламиз, деди у.
Ал Нуаимийнинг айтишича, Эроннинг ҳаракатлари дунёга унга ишониб бўлмаслиги ҳақида сигнал бермоқда.
Эроннинг бугунги дунёга мурожаати: бизга ишонманг. Бизга ишониб бўлмайди. Агар биз миллион шартнома имзоласак ҳам, уларни ҳурмат қилмаймиз, деди у.
У Эрон Форс кўрфази давлатлари ўз ҳудудидан Эронга қарши ҳужумларга рухсат бермаса, минтақага зарба бермаслик ҳақидаги ваъдасини бузганини эслатди.
Бу режимнинг ишончлилиги шамолда совурилди. Унга ишониб бўлмайди. Музокараларга чақирган тақдирингизда ҳам, ким билан музокара олиб борасиз? Бу режим ўз мажбуриятларини бажаришига ким кафолат беради?
Ишонтириб айтаманки, бу ҳудуд (БАА назарда тутилган) хавфсиз ҳудуд бўлиб қолади. Биз ҳеч кимга уни беқарорлаштиришга ёки хавфсизлигига путур етказишга йўл қўймаймиз. Бу заминда яшайдиган ҳар бир киши омонлик ва барқарорликка эришади, дея хулоса қилди Али Рашид Ал Нуаимий.








