Тошкент шаҳрида 30 апрель куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Чехия ўртасида икки томонлама битимлар тўплами имзоланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш Кенгайтирилган ҳамкорликни илгари суриш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.
Шунингдек, иқтисодиёт, саноат, илмий ва технологик ҳамкорлик, дипломатик кадрларни тайёрлаш, метрология лабораториясини биргаликда лойиҳалаштириш ва ташкил этишни қўллаб-қувватлаш, метрология соҳасидаги илмий-инновацион ҳамкорлик, геология соҳасидаги ҳамкорлик, электропоездларни етказиб бериш тўғрисида ва бошқа икки томонлама келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳужжатлар имзоланишидан лавҳалар
Чехия бош вазири Андрей Бабиш расмий ташриф билан Ўзбекистонга 29 апрель куни келганди. Шу куни Тошкентда Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Чехия компаниялари саноат ва транспорт соҳаларига инновацияларни жорий этишга тайёр эканликларини билдириб, Ўзбекистонни Марказий Осиё бозорига чиқиш учун стратегик марказ сифатида эътироф этди. Учрашув якунида машинасозлик, инфратузилмани модернизация қилиш ва таълим йўналишларида ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди.
30 апрель куни Кўксарой қароргоҳида Чехия бош вазири расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Сўнг Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралари бўлиб ўтди.








