Япониянинг Токио шаҳри ҳукумати ходимлардан жазирама иссиқда ишга шортикда келишни сўради. Бу Яқин Шарқдаги ҳарбий можаролар фонида энергия харажатлари ошиб бораётганига қарши курашишга қаратилган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Токио расмийлари ушбу чора кондиционерларга бўлган қарамликни камайтиришига умид қилмоқда. Мазкур ташаббус Япониянинг энергия тежашга қаратилган “Cool Biz” дастуридан илҳомланган. Атроф-муҳит вазирлиги томонидан 2005 йилда йўлга қўйилган ушбу лойиҳа дастлаб давлат хизматчиларини галстук ва пиджаклардан воз кечишга ундаган эди. Бироқ ҳозиргача расмий доираларда шорти кийишга рухсат берилмаган.
Энергия тақчиллиги хавфи ва Осиё давлатларининг реакцияси
Яқин Шарқдаги можаро фонида Япония ва бошқа Осиё давлатлари нефть нархининг ошиши ҳамда ёқилғи тақчиллиги хавфидан хавотир билдирмоқда. Табиий ресурсларга бой бўлмаган Япония нефть импортининг 90 фоизини Яқин Шарқдан олади. Бу маҳсулотларнинг аксарияти Ҳормуз бўғози орқали ўтади. Аммо АҚШ ҳужумлари сабабли Эрон бўғозни ёпиб қўйган.
Жанубий Кореяда истеъмол қилинадиган табиий газнинг қарийб 20 фоизи ҳам шу йўналиш орқали етказилади. Вьетнам, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар энергия истеъмолини чеклаш чораларини кўрмоқда. Айрим давлатлар амалдорларни масофадан ишлашга ўтказган ёки иш ҳафтасини қисқартирган. Сеулда эса аҳоли қисқа масофаларга пиёда ёки велосипедда юришга ундалмоқда.
Япония ўзининг стратегик нефть захираларидан фойдаланишни бошлаган. 1 майдан бошлаб бозорга яна 20 кунлик захирани чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакат Ҳормуз бўғозидан ўтмайдиган муқобил етказиб берувчиларни изламоқда.
Мутахассисларга кўра, агар ушбу муҳим сув йўлида юк ташиш тез орада меъёрига қайтмаса, дунёнинг тўртинчи йирик иқтисодиёти 1970 йиллардаги “нефть шоки” давридагидек хом нефть танқислигига дуч келиши мумкин. Энергия инқирози таҳдиди Токио ҳукумати ходимларига ишга эркин кийимда келишга рухсат беришдаги “омиллардан бири” ҳисобланади.








