Эроннинг икки миллион баррел нефть таший оладиган супертанкери АҚШнинг Ҳормуз бўғозидаги денгиз блокадасини муваффақиятли кесиб ўтди. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар берди.
“Санкциялар рўйхатидаги супертанкер жойлашувни аниқлаш тизими ёқилган ҳолда очиқ денгиз ҳамда Ҳормуз бўғозини кесиб ўтиб, Эроннинг ҳудудий сувларига кирди”, дейилади хабарда.
Кейинроқ агентлик бўғоз орқали озиқ-овқат ташувчи балкер ўтгани ва у Имом Хумайний порти томон ҳаракатланганини маълум қилди. Bloomberg агентлиги Ҳормуз бўғозидан бунгача Хитойга алоқадор Rich Starry танкери ўтганини ҳақида хабар берган. Америка ҳарбийлари томонидан бўғоз блокада қилинган биринчи кунда (13 апрелда)у орқали 20 дан ортиқ тижорат кемалари ўтган.
Шу билан бирга, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Бред Купер америкаликлар Эрон билан боғлиқ денгиз савдосини тўлиқ тўхтатганини таъкидлади.
Ҳормуз блокадаси
11 апрель куни Покистоннинг Исломобод шаҳрида Эрон ва АҚШ делагациялари урушни тўлиқ тўхтатиш бўйича музокара олиб борди. Аммо 21 соат давом этган музокара муваффақиятсиз тугади. АҚШ вице-президенти Эрон асосий шартларни, жумладан, ядро қуролини ишлаб чиқармаслик талабини қабул қилмаганини айтди. Теҳрон эса музокараларда “ҳаддан ортиқ” талаблар қўйилганини таъкидламоқда.
Financial Times’нинг ёзишича, музокаралар Ҳормуз бўғози сабабли боши берк кўчага кирган. АҚШ бўғозни биргаликда бошқаришни ва ундан ҳаракатланадиган кемалардан тўлов олинмаслигини хоҳлайди.
Муваффақиятсиз музокаралар ортидан АҚШ президенти Ҳормуз бўғозини блокада қилди ва ундан ўтувчи кемалар Эронга тўлов қилса, улар қўлга олинишини таъкидлади. Эндиликда Саудия Арабистони АҚШни блокадани тўхтатишга чақирмоқда. Сабабли расмийлар Эрон блокадага жавобан Қизил денгиздаги Боб ал-Мандаб бўғозини ёпиб қўйишидан хавотирда. Уруш сабабли Ҳормуз бўғози ёпилгач, Саудия ўзининг нефтьини Қизил денгиз орқали экспорт қилиб келмоқда.








