Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда Сўх туманида яшовчи фуқаронинг ИИО ходимлари сабаб вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
Маълум қилинишича, 1966 йилда туғилган эркак 8 апрель куни жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда боғча ҳудудида аёллар билан жанжаллашган ва жамоат тартибини бузган. Шу сабаб унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддаси билан профилактика инспектори томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
9 апрель куни фуқаро жарима тўлаши кераклиги ҳақида хабардор қилинганидан сўнг маст ҳолатда профилактика инспектори билан тортишган. Унинг уйига юборилгани кузатув камералари орқали қайд этилган.
Аниқланишича, фуқаро сўнгги 8–10 кун давомида овқатланмасдан, фақат спиртли ичимлик ичиб келган. Натижада унинг соғлиғи ёмонлашиб, 11 апрель куни тиббиёт муассасасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, у 13 апрель куни шифохонада вафот этган.
Тиббиёт муассасасининг дастлабки хулосасига кўра, фуқаронинг ўлимига сурункали спиртли ичимлик истеъмоли ва алкогольдан оғир заҳарланиш сабаб бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман газ таъминоти корхонаси собиқ бўлим бошлиғи Қодиржон Хайруллаев ушбу тумандаги 7-сонли ҳибсхонадан соғлиғи ёмонлашгани туфайли шифохонага олиб кетилаётганда, вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов марҳумнинг баданида ҳеч қандай жароҳат излари йўқлигини, у касаллиги сабаб вафот этганини маълум қилган.








