Республикадаги банклардан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари 40 минг доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, у кредит таъминоти учун гаровга қўйилган мулкларни аукцион ва тўғридан тўғри сотувга чиқариш ваколатига эга бўлгани ҳолда, хизмат мавқейидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттиришни мақсад қилган.
Яъни кредит таъминоти учун гаровга қўйилган, Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 млрд сўмлик хусусий даволаш марказининг 4 қаватли биноси аукцион савдо платформасида сотувдан қайтганидан фойдаланиб, унинг нархини 12 млрд сўмга туширган ҳолда, банк ташкилоти ҳисобига олиб, маҳаллий тадбиркорга аукцион савдоларисиз 7 йилга фоизсиз кредит ҳисобидан олиб бериш эвазига 90 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мансабдор шахс 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Февраль ойида ҳам банклардан бирининг Ромитан стандарт банк хизматлари маркази шўба мудири 2 минг доллар пора олаётганда ушланганди. Ўша ойда яна бир банк мансабдори 110 минг доллар талаб қилгани ортидан қамоққа олинганди.








