Исроил қуролли кучлари Ливан жануби ва шарқига уюштирган ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, яна 32 киши яраланди. Ҳалок бўлганлар орасида 18 ёшли қиз ҳам бор. Исроил армияси зарбалар “Ҳизбуллоҳ”га нисбатан жавоб чораси бўлганини таъкидлади.
Исроил Мудофаа вазирлиги, шунингдек, ҳужум нишонида ташкилотга тегишли “террорчилар ва инфратузилма”, хусусан, қурол-яроғ омборлари бўлганини қўшимча қилди. Исроил расмийларининг таъкидлашича, икки кун аввал “Ҳизбуллоҳ” томонидан мамлакат қўшинлари жойлашган ҳудудга дрон учирилган. Аммо бундан ҳеч ким жароҳатланмаган.
Зарбалар Исроил армияси Ливан жанубидаги Али ал-Тoҳир стратегик тепалиги устидан оператив назорат ўрнатганини эълон қилганидан кўп ўтмай амалга оширилди. Исроилликлар ушбу ҳудудда “Ҳизбуллоҳ” жангчиларига тегишли туннеллар тармоғи топилганини ва зарарсизлантирилганини маълум қилган. Ливанликлар эса Исроил тепалик устидан назорат ўрнатгани ҳақидаги хабарларни расман тасдиқламаган.
AFP мухбири Ливан жанубидаги Майфадун шаҳрига бориб, ҳужум оқибатларини кўздан кечирди. Унинг воқеа жойидан хабар беришича, Исроил зарбаларида ҳалок бўлган 18 ёшли қиз Марям Саламеҳдир. Марҳуманинг қариндоши Али Сулаймон журналист билан суҳбатда оила Исроил бомбардимонлари сабаб олти ой давомида кўчиб юрганини, бироқ Исроил зарба беришидан бир кун олдин ўз уйларига қайтишганини таъкидлаган.
“Бу ерда қандай нишон бор эди? Бу ерда ҳаммаси тинч аҳоли эди”, деган у.
Сулаймоннинг айтишича, яқинда Марямга мактабни аъло натижалар билан битиргани учун фахрий ёрлиқ беришган. Аммо бугун унинг оиласида яна бир гувоҳнома — ўлимни тасдиқловчи ҳужжат бор.
“Ҳизбуллоҳ” Исроил томонидан берилган зарбаларни қоралади. Бу ташкилотнинг Исроил Али ал-Тoҳир тепалигини эгаллагани ҳақидаги хабарлардан кейинги илк расмий муносабатидир. Бироқ баёнотда мазкур тепалик ҳақида сўз бормаган.
Зарбалар Исроил томони беш нафар ливанлик маҳбусни озодликка чиқарганидан кўп ўтмай содир бўлди. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси улардан тўрт нафарининг Ливанга қайтарилишига кўмаклашди. Яна бир киши бундан бир кун аввал озод қилинган эди.
“Ҳизбуллоҳ” маҳбусларнинг озод этилишини муҳим деб атади. Бироқ мазкур ҳолат Исроилнинг “тажовуз ва ишғол сиёсатини” давом эттиришига кўз юмиш учун баҳона бўла олмаслигини таъкидлади. Ташкилот, шунингдек, Ливан ҳукуматининг Исроил билан олиб бораётган тўғридан тўғри музокараларини ҳам танқид қилди.
Ливан ва Исроил ўртасидаги вазият март ойидан буён кескинлигича қолмоқда. Ўшанда “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилга қарши уришаётган Эронни қўллаб-қувватлаш учун Исроилга ҳужум қилганди. Исроил эса бунга ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик босқини билан жавоб қайтарган. Ливан томонининг маълумотларига кўра, март ойидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 4 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.








