Daryo

Битта чумоли 220 доллар: Кенияда чумоли контрабандаси авж олмоқда

Африкада “биоқароқчилик”нинг янги тури шаклланди. Одамлар 50 йилгача умр кўрувчи она чумолилар овлашни бизнесга айлантирмоқда.

2 дақиқа ўқиш22 016 кўришлар0 изоҳ11

Кениянинг Рифт водийсидаги Гилгил шаҳарчаси глобал қора бозорни “хом ашё” билан таъминловчи ноқон​уний савдо марказига айланди. Бу ерда ёмғирлар мавсумида она чумолиларни овлаш авж олган.

Дунё бўйлаб шаффоф сунъий уялар (формикарий)да чумоли боқишга бўлган қизиқиш ортиши ортидан, Кениянинг қизил рангли улкан африка чумолилари (
Messor cephalotes)
коллекционерлар ўртасида жуда қадрланмоқда.

Фото: BBC

Интернетдаги қора бозорда битта уруғланган она чумоли 220 долларгача сотилмоқда. Битта она чумоли бутун бир колония ярата олади ва 50-70 йилгача яшайди. Скайнерлар органик моддаларни қийин аниқлагани боис, уларни оддий почта орқали жўнатиш осон.

Ўтган 2025 йилда Найваша шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида Бельгия, Вьетнам ва Кения фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди. Улардан 5 000 дона тирик она чумоли мусодара қилинган. Ҳашаротлар нам пахта солинган пробирка ва шприцларга жойланган бўлиб, бу уларга икки ой давомида тирик қолиш имконини берган.

Яқинда эса Найроби аэропортида яна бир Хитой фуқароси 2 000 дона она чумоли билан қўлга тушди. Қўлга олинганлар “биоқароқчилик”да айбланиб, қарийб 7 700 доллар миқдорида жарима тўлаган.

Мутахассислар ушбу савдонинг икки томонлама хавфидан огоҳлантирмоқда. Биринчидан, Кенияда она чумолиларнинг оммавий овланиши колония ҳалокатига ва биологик хилма-хилликнинг камайишига олиб келади.

Иккинчидан эса ўзга ҳудудларга олиб кетилган бу чумолилар қочиб кетиб, маҳаллий қишлоқ хўжалигига (айниқса, ғалла экинларига) жиддий зарар етказиши мумкин.

Кения ҳукумати чумоли савдосини қонунийлаштирмоқчи

Кения ҳукумати ушбу соҳани назоратга олиш ва ундан иқтисодий фойда кўриш ҳаракатларини бошлаган. Хусусан, 2025 йилда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ёввойи табиат иқтисодиётини, жумладан, чумоли савдосини тижоратлаштиришга қаратилган махсус сиёсий кўрсатмаларни тасдиқлаган.

Тегишли ҳужжатлардан кўзланган мақсад - янги иш ўринларини яратиш ва маҳаллий ҳамжамиятлар даромадини ошириш учун ҳашаротлар савдосини барқарор ҳамда қонуний йўлга қўйишдир. 

Келажакда Гилгил атрофидаги фермерлар ўз ерларида даромадли она чумолиларни етиштириш учун махсус формикарийлар ташкил этиши ҳамда уларни халқаро коллекционерларга қонуний экспорт қилиши кутилмоқда. Ҳозирча бирорта ҳам тадбиркор чумоли экспорти учун расмий рухсатнома олишга мурожаат қилмаган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар